nmz_time

Вақтлар изоҳи

Имсок ёхуд фажр вақти

Тўртта мазҳабда ҳам шаръий кеча тугайдиган вақт. Яъни “фажри содиқ” деб аталадиган шарқий уфқ сатҳидаги битта нуқтада тонгдан дарак берувчи ва кўз билан илғаб бўлмайдиган ёришиш, оқариш жараёни бошланган вақт. Рўза тутмоқчи бўлганда айнан мана шу вақтда саҳарлик тугатилиб, оғиз бекитилади. Фажри содиқ вақтида қуёшнинг уфққа нисбатан координатаси тўрт мазҳабда ҳам -19 даражани ташкил қилади. Яъни тонг ёришмасдан аввал қуёш, шарқдаги горизонтга -19° қолганида фажри содиқ вақти бошланади.

Бомдод намозининг вақти

Бомдод намози имсок вақтида киради. Ислом астрономи Ориф Бек: “Фажри содиқ, тонг шуъласи уфқ сатҳи узра ёйилган пайтда бошланади ва ушбу вақтда қуёш баландлиги -18 градус, ҳатто -16 градус эканлигини билдирувчи заиф қавллар ҳам бор” деб билдирган. Шунинг учун бомдод намозини бизнинг сайтда кўрсатилган имсок вақтидан Тошкент шаҳри учун қиш ойларида 15 дақиқа, ёз ойларида 21 дақиқа ўтказиб бориб ўқиш эҳтиётли бўлади.

Қуёш

Бомдод намозининг тугаганини билдиради. Қуёшнинг юқори қисми шарқий уфқ чизиғидан кўрина бошлаган пайтдан эътиборан ўқилаётган ҳар қандай намоз бузилади ва мана шу ондан таҳминан 50-55 минут ўтгунча ҳар қандай намозга киришиш макруҳ ҳисобланади. Мана шу 50-55 минутлик оралиқ Қуёшнинг "бир найза бўйи" кўтарилишига кетадиган вақт бўлиб, бунга "эрталабки кароҳат вақти" деб ҳам айтилади.

Ишроқ (чошгоҳ) вақти

Қуёшнинг пастки қавси зоҳирий уфқ ҳаттидан бир найза бўйи кўтарилган пайтдан ёки қуёш ҳақиқий уфқдан 5°С баландликка кўтарилганидан кейин бошланадиган вақт бўлиб, кароҳат вақтининг тугаганидан дарак беради. “Қуёш” ва “Ишроқ” вақтлари орасидаги кароҳат вақтида намоз ўқиш таҳриман (ҳаромга яқин) макруҳдир. Бу вақт Тошкент учун қуёш чиққандан кейин тахминан 47-52 дақиқа кейин киради. Ҳайит намозлари мана шу вақтда ўқилади.

Дахва-и кубро вақти

Дахваи кубро вақти рўза тутиш учун ният қилинадиган энг сўнгги вақт ҳисобланади. Дахваи кубро вақти рўза муддатининг ярмига, яъни шаръий куннинг ярмига тенг. Куннинг иккинчи ярми бошланишидан аввал киради. Шаръий кун деб имсок вақтидан шом намози вақтигача бўлган вақтга айтилади. Яъни дахваи кубро - имсокдан шом (мағриб) вақтигача бўлган муддатнинг қоқ ўртасидир. Рамазон рўзасини тутиш учун ният, аввалги куннинг шом вақтидан бошлаб эртасига мана шу дахваи кубро вақти киргунча қилиниши керак. Бундан ташқари, нофила ва назр рўзалари учун ҳамният қилинадиган сўнгги вақт мана шу. Фақат қазо ва каффорат рўзаларида имсок вақтидан (фажри содиқдан) кейин ният қилинмайди.

Завол - тушки кароҳат вақти

Қуёш қоқ тиккага келган пайт. Бу вақт пешинга иккита тамкин муддати қолганда бошланади. Пешин намози кириши билан тугайди. Тошкент учун бу вақт 20 дақиқани ташкил қилади. Бу вақтда намоз ўқиш таҳриман, яъни ҳаромга яқин макруҳ бўлади.

Пешин намозининг вақти

Соялар қисқариб, қайта чўзила бошлаган пайт. Аср-и аввал вақти киргунча, яъни бир жисмнинг сояси ўз бўйи баравар бўлгунга қадар ёки ҳар жисмнинг сояси ўз бўйининг икки бараварига тенглашгунга қадар давом этади. Биринчиси икки имом (имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад) ва уч мазҳаб олимларининг қавллари бўйича, иккинчиси эса, имом Аъзам қавллари бўйича.

Аср намозининг вақти

Одатда бу вақтни Асри аввал (асрнинг биринчи вақти) деб ҳам аташади. Икки имомга (имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад) ҳамда уч мазҳаб олимларига кўра аср намозининг вақти бошланадиган пайт мана шу. Ушбу вақт, ҳар бир жисмнинг сояси завол (қоқ туш) вақтидаги узунлигидан шу жисмнинг бўйи баравар бўлиб узайганида бошланади. Яқин шарқ ўлкаларида аср намози аксарият мана шу вақтда ўқила бошлайди.

Асри соний (асрнинг иккинчи) вақти

Имоми Аъзам ҳазратларининг ҳукми бўйича аср намози айнан мана шу пайтда бошланади. Маълум бир жисм соясининг завол (қоқ туш) вақтидаги узунлигидан шу жисм бўйининг икки бараварига тенглашган пайти бўлиб, Туркистон ва Ҳиндистон минтақаларида аср намози кўпроқ мана шу вақтда ўқилади. Шимолий ва шарқий кенглиги маълум даражада бўлган Ўзбекистон шаҳарларида бу пайтни тахминан кун ботишига икки соат қолганда деб белгиланганки, ушбу тахмин Қозоғистоннинг жанубий шаҳарларидан бошқа жойлари учун умуман тўғри келмайди.

Исфирор-и шамс

(кечки кароҳат вақти) Қуёшнинг ғарбий уфққа бир найза бўйи яқинлашганда, яъни қуёш ғарбий уфқдан 5° баландликда бўлган пайтда бошланиб, қуёш ботгунга қадар давом этадиган вақтдир. Бошқача айтганда, очиқ ҳавода қуёш нури тушган жойларга ёки ўзига кўзи қамашмай тикка қарай оладиган даражада бўзариб, қизара бошлаган вақтдан қуёш бутунлай ботиб кетгунга қадар бўлган вақт оралиғини "Исфирори шамс вақти" дейдилар. Ушбу вақт оралиғида шу кунги аср намозини ҳали ўқимаган киши намозни қазога қолдирмай шу пайтда бўлса ҳам, фақат фарзини ўқиши лозим. Лекин бошқа намозларни ўқиш тахриман макруҳдир.

Шом намозининг вақти

Қуёш ғарбий зоҳирий уфқда бутунлай ботгандан бошлаб, шафақ қорайгунга қадар, яъни уфқдаги қизғиш ёруғликнинг батамом йўқолишигача давом этади.

Иштибок-и нужум

Осмонда юлдузлар кўпайган, яъни қуёшнинг юқорги қисми зоҳирий (кўринадиган) уфқ сатҳидан -10° тушганидан кейинги вақт. Бу вақт билан қуёш ботадиган вақт орасидаги муддат Тошкент каби 41 градус кенгликда жойлашган шаҳарлар учун бир йилда 47 билан 55 дақиқа орасида ўзгаради. Шом намозини, вақти кирган заҳоти аввалги ярим соат ичида ўқиб тугатиш суннатдир. Иштибоки нужум вақтидан, яъни юлдузлар кўпайгандан, қуёшнинг юқорги қисми уфқ сатҳидан -10 градус тушганидан кейинги вақтгача кечиктириш ҳаром бўлади. Хасталик туфайли, сафарда бўлиш сабабли ёхуд тайёр таомни еб олиш учун мана шу вақтгача кечиктириш эса, жоиз.

Хуфтон (ийшо) намози вақти

Ийшо-и аввал (хуфтон намозининг биринчи) вақти
Ийшо-и аввал, хуфтон намозининг биринчи вақтидир. Ғарбдаги зоҳирий уфқ сатҳида қуёшнинг қизиллиги йўқолиши билан бошланадиган вақт. Яъни қуёшнинг юқорги қисми зоҳирий уфқ ҳаттидан -17 градусга пасайганидан кейинги вақт. Хуфтон намози вақти имомайн ва нариги уч мазҳаб олимлари наздида, ишои аввал вақтида бошланади. (Бизнинг сайтда айнан мана шу вақтлар берилган.)

Ийшо-и соний (хуфтоннинг иккинчи) вақти

Ғарбдаги зоҳирий (кўринадиган) уфқ ҳаттидаги оқшом ёруғлигининг ғойиб бўлиши билан бошланадиган пайт. Қуёш ботгач, уфқ ҳатти тагига -19° даража оғиб тушганда, яъни ғарбдаги қизил шафақдан кейинги оқиш нимқоронғулик ҳам йўқолган пайт “ийшо-и соний” деб аталади. Хуфтон намозининг вақти имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг ҳукми бўйича мана шу вақтда бошланади ва имсок вақтигача давом этади.

Ярим кеча

Шаръий кеча - шомдан фажри содиққача (имсокгача) бўлган муддатдир. Яъни қуёш ботгандан бошлаб то имсок вақти киргунча давом этадиган вақт оралиғи шаръий кеча деб юритилади. Мана шу муддатни иккига бўлиб, чиққан натижани шом намози кирган вақтга қўшса ёки имсок вақтидан айрилса, ҳосил бўлган натижа ярим кеча вақтини кўрсатади. Шофеъий мазҳабининг баъзи олимларига кўра, хуфтон намози ярим кечагача давом этади. Уларга кўра, хуфтон намозини шаръий кеча ярмидан кейин ўқиш жоиз эмас. Ҳанафий мазҳаби бўйича эса, хуфтонни кечанинг ярмидан кейинга кечиктириб ўқиш макруҳ ҳисобланади

Таҳажжуд вақти

Шаръий кечанинг, яъни қуёш ботиши билан бошланадиган шом намози вақти билан имсок вақти оралиғидаги муддатнинг учдан иккиси ўтгандан кейинги вақт бўлагидир. Яъни шаръий кечанинг сўнгги учдан бир бўлаги таҳажжуд намози ўқиладиган вақт демакдир. Таҳажжуд - уйқуни тарк этиш деганни англатади. Ушбу намозни имсок (фажри содиқ) вақтигача ўқиш мумкин бўлиб, қиймати кундуз ўқилган 1000 ракат нофила намоздан ҳам ортиқроқдир. Қазоси бор одамларнинг кечаси турганда икки ракат қазо намоз ўқиши эса, таҳажжуд намозидан ҳам қийматлидир.

Саҳар вақти

Қуёш ботгандан эътиборан имсок вақтигача бўлган муддатнинг сўнгги олтидан бир қисмига "саҳар вақти" дейилади. «Ширъат-ул-ислом»шарҳида айтилишича: “Ҳадиси шарифда: “Саҳар вақтида ва намозлардан кейин қилинган дуолар қабул бўлади” деб марҳамат қилинган. Дуони Аллоҳу таолога ҳамд, Пайғамбарга саловот билан бошлаб, кафтларини юзига суриш билан тугатиш суннатдир.” Кечанинг мана шу қисмида кўзда ёш билан дуо ва тавба қилишни айни фурсат деб билиш керак. «Дурар» китобида: «Саҳар вақтида ейиладиган овқат саҳарлик деб аталур»-дейилган.